Давлат молиявий назорат бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бошқармалари биринчи чоракда 844 марта назорат тадбирларини ўтказди, дея хабар қилди Молия вазирлиги матбуот хизмати.

Уларнинг 661 тасида 33 млрд сўмлик бюджет интизоми бузилиши ҳолатлари, жумладан 5,1 млрд сўмнинг ўзлаштирилиши ва талон-тарож қилиниши, 24,8 млрд сўмнинг ноқонуний сарфланиши ҳамда Молия вазирлиги қошидаги жамғармалар маблағларининг 3,2 млрд сўмлик маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.

Текширувлар натижасида 20,8 млрд сўмлик маблағлар қайта тикланди. 650 та назорат тадбири бўйича материаллар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилди.

Бюджет ташкилотларининг бюджет интизомини бузган 32 нафар мансабдор шахси маъмурий жавобгарликка ва 16,7 млн сўм миқдорида жаримага тортилди.

Ҳукумат кафолатлаган кредитлар, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ва бошқа йўналишлардаги кредитлар бўйича 27 та назорат тадбири ўтказилган бўлса, 22 та ҳолатда 1,3 млрд сўмлик талон-тарож ҳолатлари аниқланган. Ушбу маблағларнинг 1,1 млрд сўми қайтарилган. 1,2 млрд сўмлик 18 та материал ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилган.

Ҳисобот даврида Давлат молиявий назорат бошқармасига жисмоний шахслардан 199 та мурожаат келиб тушган. Жисмоний шахслар мурожаатлари бўйича ўтказилган назорат тадбирларида 98 млн сўмлик молиявий қонун бузилишлари аниқланиб, 13 та материал ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилган.