Тошкентнинг Яшнабод тумани жиноий ишлар бўйича суди 61-сонли мактабда ўтказилган сайёр йиғилишида фуқаро О. Даниловани 18 ой муддатга озодликдан маҳрум қилди.

Ўзбекистон ФВВ матбуот хизматининг хабар қилишича, аёл ўтган йилнинг март ойида «Авиасозлар» бозоридаги нотаниш сотувчидан 3 хил турдаги 18 кг қўзиқорин сотиб олган. У қўзиқоринларни уй шароитида консервалади.

12 сентябрдан бошлаб Данилова консерваланган қўзиқоринларнинг бир қисмини Олой бозорида сотади. Айнан шу кундан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институтига овқатдан заҳарланиш ташхиси билан беморлар кела бошлади. Жами 7 нафар бемор даволаниш учун келиб, улардан бир нафари — М. Кошелева оғир заҳарланишдан вафот этган.

Жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлиги ва бошқа енгиллаштирувчи ҳолатлар инобатга олиниб, судланувчига нисбатан тайинланган 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси 1 йил 6 ой синов муддатига алмаштирилди.

Фавқулодда вазиятлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари огоҳлантиради: уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотлари овқатдан заҳарланишга, ҳаттоки ўлимга олиб келиши мумкин.