Биринчи чоракда Ўзбекистон маъмурий судлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатларга оид 4783 та иш кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий суд расмий вакили Азиз Обидов «Газета.uz"га хабар қилди.

Жумладан, ишлар маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширувчи давлат бошқарув органлари ва бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахсларининг қонунчиликка зид, фуқаролар ва юридик шахсларнинг қонун билан ҳимояланувчи ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қилувчи қарорлари, ҳаракатларига (ҳаракатсизлиги) тааллуқли бўлди.

Шунингдек, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш, фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини қайд этишдан бош тортиш ёки нотариуслар ёки ФҲДЁ органлари мутасадди шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) каби ҳолатлар бўйича ҳам ишлар кўриб чиқилди. Натижада 3416 нафар фуқаронинг ҳуқуқлари тикланди.

Шунингдек, биринчи чорак давомида маъмурий судлар томонидан 102481 нафар шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда кўзда тутилган ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги 84141 та иш кўриб чиқилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, биринчи чорак давомида маъмурий судлар энг кўп транспорт воситасида белгиланган тезликни ошириш, транспорт воситасини маст ҳолатда бошқариш, жабрланувчига тан жароҳати ёки моддий зарар етказишга олиб келган йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишлари, тегишли ҳужжатларсиз транспорт воситаларини бошқариш, ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, лицензиясиз йўловчи ташиш, майда безориликлар, милиция ходимларининг қонуний талабларини бажармаслик, паспорт тизими қоидаларининг бузилиши каби ишлар кўриб чиқилган.

Бунда 73394 нафар шахсга жарима, махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш, маъмурий ҳибс ва Ўзбекистон ҳудудидан чиқариш юбориш кўринишларидаги маъмурий ҳукмлар чиқарилган.

Маъмурий судлар Ўзбекистон президентининг 2017 йил 21 февралдаги фармони асосида ташкил этилиб, 2017 йил 1 июндан фаолиятини бошлаган.