Тошкентда узоқ йиллар давомида маъмурий бинолар атрофини ўраб турган баланд панжараларни олиб ташлаш бошланди. Тошкент ҳокимияти вакили «Газета.uz"га панжаралардан воз кечиш ҳақида қарор қабул қилинганини тасдиқлади.

«Ҳозирча бу фақат маъмурий биноларга тааллуқли. Бунинг учун катта куч сафарбар этилди: 11 туманнинг барчасида ҳокимият Ободонлаштириш бошқармасининг махсус отрядлари тузилди. Уларга иккитадан қурилиш крани ва зарур транспорт воситалари ажратилди», — деди пойтахт маъмурияти вакили.

Тўсиқларни демонтаж қилиш ҳақидаги қарорни қабул қилишда ривожланган мамлакатлар тажрибалари ўрганилиб, фуқаролар учун қулайлик яратиш мақсад қилинди.
«Бу бинолар гўзаллигини намойиш учун ҳам қилинмоқда. Барчаси очиқ бўлади. Ахир биз хавфсиз шаҳарда яшаяпмиз, бизга панжаралар нима учун керак?!» — деди суҳбатдош. Келгусида кўчалар бўйидаги тўсиқлар ҳам олиб ташланади.

Бир ой давомида Тошкентдаги барча 78 та марказий кўча бўйларидаги тўсиқларнинг олиб ташланиши кутилмоқда.
Ички ишлар вазирлиги, туман ички ишлар бўлимлари, Бош прокуратура каби бинолар атрофидаги панжаралар олиб ташланмайди.

Мирзо Улуғбек туманидаги Мустақиллик кўчасида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ва 71-мактаб биноси яқинидаги панжаралар олиб ташланди. Мавжуд маълумотларга кўра, ЖИДУ атрофига баланд бўлмаган тўсиқлар ўрнатилади. Мактаблар атрофида тўсиқлар бўлиш-бўлмаслиги ҳозирча аниқлаштирилмади.