19 апрель куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Филиппиннинг фавқулодда ва мухтор элчиси (қароргоҳи Теҳрон шаҳрида) этиб тайинланган Вилфредо С.Сантосни қабул қилди, дея хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.

Вазир элчининг ишонч ёрлиқларини қабул қилар экан, уни мамлакатимиздаги фаолияти бошланиши билан табриклади ва унга муваффақиятлар тилади.

Суҳбат давомида Ўзбекистон-Филиппин муносабатларининг истиқболлари, айрим халқаро ва минтақавий муаммолар муҳокама қилинди.

Музокараларда икки томонлама ҳамкорлик ҳамда БМТ ва бошқа ташкилотлар доирасидаги алоқаларни мустаҳкамлашдан томонлар манфаатдор эканлиги тасдиқланди.

Учрашув давомида савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқаларни ривожлантириш, ўзаро ҳамкорликка доир мавжуд салоҳиятни амалга ошириш учун ҳуқуқий базани кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.