18 апрель куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Корея Республикаси ташқи ишлар вазири Кан Гён Ҳва билан учрашди.

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматининг хабар қилишича, икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари икки томон кун тартибидаги долзарб масалалар, айрим халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашди.

Аввало 2017 йилнинг 22−25-ноябрь кунлари Сеул шаҳрида Ўзбекистон ва Жанубий Корея раҳбарларининг самарали саммити доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, стратегик шерикликни ҳар томонлама чуқурлаштириш бўйича давлат раҳбарларининг қабул қилган Қўшма баёноти, ташриф чоғида имзоланган 10 миллиард АҚШ долларидан ортиқ қийматдаги икки томонлама қатор ҳужжатлар Ўзбекистон-Жанубий Корея мулоқотини сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқди.

Вазирлар сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришдан икки томон ҳам манфаатдор эканлигини яна бир бор таъкидлаб, ушбу соҳалардаги аниқ қадамларни кўриб чиқдилар.

Корея Республикаси ташқи ишлар вазири ўз мамлакатининг Корея ярим оролидаги вазиятни бартараф этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари тўғрисида маълумот берди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон томони жорий йилнинг апрел ойидаги кореялараро саммит ўтказилишини маъқуллади ва Корея ярим оролида тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик ўрнатиш учун Корея Республикаси саъй-ҳаракатларини қатъиян қўллаб-қувватлашини тасдиқлади. Саммитнинг ижобий натижалари Корея ярим оролининг Жануби ва Шимоли ҳамда бутун минтақанинг янада ривожланиши ва фаровонлиги учун қулай шарт-шароит яратишига ишонч билдирилди.