Наманган вилояти Учқўрғон туман маъмурий суди 1997 йил октябрда туғилган С. Ғофуржонованинг туман ФҲДЁ бўлимига нисбатан шикоят аризаси бўйича юритилган маъмурий ишни кўриб чиқди.

Ўзбекистон Олий суди матбуот хизматининг маълум қилишича, С. Ғофуржонова ўз аризасида ота-онаси ажрашиб кетгач туғилгани, аммо шу вақтга қадар туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олмаганини баён этиб, ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилганида, аризаси рад қилинганини билдирган. Фуқаро, шунингдек туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси бўлмагани сабабли ишга жойлашишда қийинчиликка дуч келаётганини маълум қилган.

Судда Учқўрғон туман ФҲДЁ бўлими вакили С. Ғофуржоновага туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани бериш учун етарли ҳужжатлари мавжуд эмаслиги сабабли унинг аризаси рад этилганлигини билдирган.

Суд тарафлар ва гувоҳларнинг кўрсатмаларини эшитиб, ишга қўшилган ҳужжатларни атрофлича муҳокама қилди. Якунда аниқлаган ҳолатларга кўра ФҲДЁ бўлими аризачининг важларини тўлиқ ўрганмаган, у тақдим қилган Қўқон шаҳар туғруқ комплексининг туғилганликни тасдиқловчи тиббий маълумотномасини инобатга олмаган деб топди.

Юқорида баён этилганларга асосан С. Ғофуржонованинг шикоят аризаси қаноатлантирилиб, Учқўрғон туман ФҲДЁ бўлими зиммасига унга туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани ёзиб бериш мажбурияти юклатилди.