17 апрель куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Колумбиянинг фавқулодда ва мухтор элчиси (қароргоҳи Москва шаҳрида) этиб тайинланган Алфонсо Лопес Кабаллерони қабул қилди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Ишонч ёрлиқларини топшириш маросимидан сўнг бўлиб ўтган суҳбат чоғида мамлакатлар бир-бирлари учун истиқболли ҳамкор эканлиги ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдорлиги таъкидлаб ўтилди.

Учрашувда сиёсий маслаҳатлашувларни мунтазам ўтказиш ва ишбилармон доира вакиллари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш бўйича таклифлар билдирилди.