Президент Шавкат Мирзиёев «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонни имзолади. Ушбу соҳадаги давлат сиёсати «жаҳолатга қарши маърифат» ғояси асосида амалга оширилади.

Фармон билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тузилмасида диний мавзуларга оид адабиётлар, Интернет ва оммавий ахборот воситалари материалларини чуқур таҳлил қилиш, диний-ижтимоий муҳитнинг барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи Диний-ижтимоий жараёнларни ўрганиш ахборот-таҳлил маркази ташкил этилмоқда.

Ҳужжатда Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академиясини ташкил этиш белгиланди. Ушбу академия Қуръон илмлари, ҳадис, ислом ҳуқуқи, ақида, тасаввуф, ислом иқтисодиёти ва молияси, халқаро муносабатлар, хорижий тиллар (араб, форс, инглиз, рус, урду, турк ва б.) ва бошқа халқаро миқёсда эҳтиёж мавжуд бўлган соҳалар бўйича кадрларни тайёрлайди.

Шунингдек, Ўзбекистон халқаро ислом академияси таркибида Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари минтақавий филиалларига эга бўлган Малака ошириш маркази ташкил этилади. Академия қошида «Зиё» медиа маркази ташкил этилиб, мамлакатда диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, аждодларнинг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бой диний-илмий меросини кенг тарғиб қилиш, диний-маърифий ҳаётдаги янгиликларни жамоатчиликка етказиш унинг асосий вазифалари ҳисобланади.

Олий диний-маърифий таълим муассасаси шаклидаги Ҳадис илми мактабини ташкил этиш режалаштирилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида «Вақф» хайрия жамоат фонди ташкил этилиб, масжидлар ва диний таълим муассасаларининг биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, ободонлаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш унинг асосий вазифалари этиб белгиланди.

1 июлдан Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида ишловчи ўқитувчи, илмий ходим ва мутахассисларга ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядларига кўра тариф коэффициентлари ва базавий лавозим маошлари 3 баравар (Марказ ходимларига — 4 баравар) миқдорда қўлланилади. Пенсионерларга уларнинг ушбу ташкилотлардаги фаолияти ягона бўлган тақдирда пенсиялари тўлиқ тўланади.