Ўзбекистон ва Европа жиноий полицияси ташкилоти стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекистн 24» телеканалининг «Таҳлилнома» дастури хабар қилди.

«Ўзбекистонни 2019 йилдаги устувор йўналишлар рўйхатига киритиш ҳақидаги келишувга эришилди. Бу томонларга стратегик ҳамкорлик ва тезкор даражада ўзаро алоқалар тўғрисидаги битимни имзолашга имкон беради», — Европол вакили Д. Норман сўзларини келтириб ўтди телеканал.

Хабар қилинишича, томонлар кадрлар тайёрлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари машғулотларини ўтказиш, тажриба ва маълумотлар алмашиш масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги келишувга эришган.

Аввалроқ Ўзбекистон ИИВ вазирлик хорижий ҳуқуқни муҳофаза қилиш маҳкамалари билан маҳкамалараро мувофиқлаштирувчи гуруҳлар ташкил этиш бўйича ишлар фаоллаштирилаётганини маълум қилган эди. Ҳозирчага Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикитон билан маҳкамалараро мувофиқлаштирувчи гуруҳлар тузилди. Туркманистон, Беларусь, Озарбайжон билан худди шундай гуруҳларни тузиш масаласи ишлаб чиқилмоқда, келгусида эса Афғонистон, Покистон ва Туркия билан ушбу йўналишда ҳамкорлик ўрнатиш режалаштирилган.