Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани прокуратураси ўқитувчилар 14 март куни 42-мактаб ўқитувчиси Диана Еникееванинг ўлимига олиб келган ободонлаштириш ишларига жалб қилинганини тан олди.

Туман прокуратурасидан «Газета.uz"га маълум қилинишича, ободонлаштириш ишларини ўтказишда тегишли чораларни кўрмагани учун 29 март куни халқ таълими вазирининг буйруғи билан туман халқ таълими бўлими мудири А.Жуманазаров эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.

Бундан ташқари, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи буйруғи билан 42-мактаб директори Н.Болтаева ишдан олинган ва директор ўринбосари Х.Маматовга ҳайфсан эълон қилинган.

Назорат органи вакилининг тасдиқлашича, мактаб директори ўринбосари директор топшириғи билан ўқитувчиларнинг ободонлаштиришга олиб чиқилишини ташкиллаштирган.

Мактаб директори Ўзбекистон меҳнат кодексининг 177-моддасини бузган деб топилган. Ушбу моддага кўра, иш берувчи ходимдан унинг меҳнат вазифалари доирасига кирмайдиган ишларни бажаришни, қонунга хилоф ёки ходим ва бошқа шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавф туғдирувчи, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳаракатлар қилишни талаб этишга ҳақли эмас.

«У дарҳақиқат ушбу моддани бузган, — қайд этган нашрнинг суҳбатдоши. — Бундан ташқари, у воқеа содир бўлган пайтда рухсатсиз Тошкентга кетган бўлган. Бу қоидабузарликлар учун у лавозимидан бўшатилди».

Аввалроқ Каттақўрғон ҳокимияти ва вилоят халқ таълими бошқармаси ўқитувчилар ободонлаштиришга олиб чиқилмагани, Диана Еникеева эса йўлни кесиб ўтаётганида «КамАЗ» юк машинаси томонидан уриб юборганини билдиришганди. Марҳуманинг ҳамкасблари эса бунинг тескарисини гапириб беришганди.

Самарқанд ҳокими Туробжон Жўраев ҳодиса юзасидан фикр билдириб, ижтимоий соҳа вакиллари маҳаллий бошқарув органлари томонидан ҳудудни ободонлаштириш ишларига жалб қилинмагани ва жалб қилинмаслигини таъкидлаганди.