7 апрель куни Бухоро вилояти Пешкў туманида истиқомат қилувчи 70 ёшни қарши олган отахон Муҳаммад Қудратов Ўзбекистон бўйлаб велосаёҳатини бошлади. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

Саёҳатчи отахон Бухоро — Самарқанд — Тошкент — Наманган — Фарғона — Андижон — Термиз — Қарши — Бухоро йўналиши бўйича саёҳатни амалга оширишни режалаштирган.

«Мазкур саёҳат орқали юртимизда ички туризмни ривожлантиришга ўз ҳиссамни қўшмоқчиман», — деб таъкидлайди Муҳаммад бобо.

Ҳозирги кунга қадар отахон Бухоро вилоятидаги «Етти Пир» зиёратгоҳларида бўлиб, Самарқандга йўл олган.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йилда наманганлик 76 ёшли Ҳусан бобо Ҳожибоев Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов қабригача 521 километр масофани велосипедда босиб ўтган, сўнгра ҳаж сафарига велосипедда йўлга отланган эди. Бироқ Туркманистон чегарасида тегишли ҳужжатларни расмийлаштирмагани сабабли қўшни мамлакатга киритилмагани сабабли ортга қайтишга мажбур бўлган эди.