Ўзбекистонда ташқи савдо айланмаси январь-март ойларида 7,9 миллиард АҚШ долларини, шу жумладан, экспорт 4,1 миллиард АҚШ долларини ва импорт 3,8 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди. Ташқи савдо айланмаси сальдоси 249,4 млн долларни ташкил этди, дея хабар қилди Давлат статистика қўмитаси Ташқи иқтисодий фаолият ва савдо статистикаси бошқармаси.

Экспорт таркибида энергия манбалари ва нефть маҳсулотлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 91,4 фоизга ўсиши табиий газнинг 2,3 мартага ошгани ҳисобига тўғри келмоқда. Машина ва асбоб-ускуналар эса 35,4 фоизга ўсди, шундан қозонлар, ускуналар ва механик асбоблар ва улар қисмлари 24,6 фоизга, трансформатор ва аккумуляторлар 68,6 фоизга, монитор ва проекторлар 3,3 мартага ошди.

Буғдой экспортининг ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21,6 фоизга ва мева-сабзавот маҳсулотларининг 51,7 фоизга ўсиши озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ҳажмининг 49,9 фоизга ўсишига олиб келди.

Экспортнинг 27,1 фоизини (1,1 млрд доллар) хизматлар, 13,6 фоизини — энергия ташувчилар ва нефть маҳсулотлари (556,4 млн доллар), 5,8 фоизини — кимё маҳсулотлари ва улардан тайёрланган буюмлар, 2,5 фоизини — пахта толаси (99,8 млн доллар) ва бошқалар ташкил этган.

Ташқт савдо айланмасидаги асосий шериклар — Россия (18,6 фоиз), Хитой (17,4 фоиз), Қозоғистон (7,3 фоиз), Туркия (5 фоиз), Жанубий Корея (4,1 фоиз), Афғонистон (2,2 фоиз), Германия (1,9 фоиз), Беларусь (1,4 фоиз), Украина (1,2 фоиз), Латвия (1,1 фоиз), Тожикистон ва Қирғизистон (0,9 фоиздан).

Мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 51,7 фоизга ўсиб, 110,8 млн долларни ташкил этди. Бунда ушбу маҳсулотларнинг жисмоний ҳажми 84,9 фоизга ортиб, 182,8 минг тоннани ташкил этган. Асосий мева-сабзавотлар Қозоғистон (37,4 фоизи), Афғонистон (13,1 фоиз), Россия (11,8 фоиз), Туркия (5,9 фоиз), Вьетнам (4,9 фоиз), Хитой (3,8 фоиз), Қирғизистон (2,6 фоиз), Эрон (2,4 фоиз) ва Ҳиндистонга (2,2 фоиз) экспорт қилинган.

Тўқимачилик маҳсулотлари экспорти улуши 7,8 фоизни (316,9 млн доллар) ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш 14,7 фоизни ташкил этди.