Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 12 апрель куни Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди. Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабар қилишича, давлат раҳбари Илҳом Алиевни куни кеча бўлиб ўтган Озарбайжон Президенти сайловида ишончли ғалабага эришгани билан самимий табриклади.

Сайлов натижалари қардош озарбайжон халқи Илҳом Алиевни кенг қўллаб-қувватлаши ва унга улкан ишонч билдиришини, давлат раҳбарининг шахсий хизматлари ҳамда мамлакатда барқарорликни, изчил иқтисодий тараққиётни таъминлаш, халқаро нуфузини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган самарали сиёсатни юсак баҳолашини яна бир бор намоён этгани алоҳида таъкидланди.

Турли даражадаги фаол мулоқотлар икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириб, уларни аниқ мазмун билан бойитишга хизмат қилгани қайд этилди.

Давлатлар раҳбарлари, шунингдек, Ўзбекистон-Озарбайжон кўп қиррали ҳамкорлиги, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Мулоқот якунида Шавкат Мирзиёев Илҳом Алиевни Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келишга таклиф этди. Озарбайжон президенти давлат раҳбарига самимий табрик ва эзгу тилаклар учун чуқур миннатдорлик билдириб, Ўзбекистонга ташриф билан келиш таклифини мамнуният билан қабул қилди.