Ўзбекистонда январь-март ойларида иқтисодий фаолият турлари бўйича ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20,1 фоизга ўсиб, 1,548 млн сўмни ташкил этди, дея хабар қилди Давлат статистика қўмитаси.

Ушбу иш ҳақига устама, мукофот, рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар, компенсация ва ишланмаган вақт учун ҳақ каби тўловлар киритилган, шунингдек унинг таркибида жисмоний шахслар даромад солиғи, ижтимоий суғурта ва касаба уюшмасига тўловлар ҳам мавжуд.

Энг кўп ойлик молия ва суғурта фаолияти соҳасида — 2,774 млн сўм (2017 йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш — 28,6 фоиз). Шунингдек, АКТ ва алоқа соҳасида — 2,722 млн, саноат соҳасида — 2,315 млн, ташиш ва сақлаш соҳасида — 2,101 млн сўм ҳисобланган.

Январь-март ойларида республикадаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан молиявий ва суғурта фаолиятида 79,2 фоизга, ахборот ва алоқада 75,9 фоизга, саноатда 49,6 фоизга, ташиш ва сақлашда 35,8 фоизга юқорини ташкил этган бўлса, аксинча соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатишда 33,6 фоизга, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматларда 25,8 фоиз га, таълимда 20,5 фоизга камни ташкил этмоқда.


Ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи кўрсаткичини республика ҳудудлари бўйича кўрадиган бўлсак, яъни ўртача ойлик иш ҳақининг юқори миқдори Тошкент шаҳрида 2,1 млн сўмни (республикадаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан 137,6 фоиз), Навоий вилоятида 2,1 млн сўмни (136,8 фоиз) ва Тошкент вилоятида 1,686 млн сўмни (108,9 фоиз) ташкил этган бўлса, Наманган вилоятида 1,223 млн сўмни (79,0 фоиз), Самарқанд вилоятида 1,234 млн сўмни (79,8 фоиз) ташкил этиб, бошқа ҳудудларга нисбатан кам миқдорга эга бўлмоқда.