10 апрель куни Ўзбекистон делегациясининг Эронга ташрифи доирасида Теҳронда ўзбек-эрон савдо уйи очилиши бўлиб ўтди, дея хабар қилди Ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Маросимда Ўзбекистон ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев, Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов ва Эрон саноат, кончилар ва савдо вазири ўринбосари Можтаба Хосровтаж иштирок этди.

Доимий фаолият кўрсатувчи Ўзбекистон миллий маҳсулотлари шоуруми бўлган савдо уйи Uzsanoatexport ташқи савдо компанияси томонидан Эроннинг Fawakeh Сompany компанияси билан ҳамкорликда очилди.

Жамшид Ходжаевнинг қайд этишича, савдо уйининг асосий вазифаси Эронда ўзбек ишлаб чиқарувчиларининг хилма-хил маҳсулотларини фаол илгари суришдан иборат.