10 апрель куни АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен катталарда мия саратонини даволашда қўлланилувчи «Темодар» (Temodar) дорисининг АҚШдан Ўзбекистонга келтирилганини эълон қилди, дея хабар берди АҚШ элчихонаси матбуот хизмати.

Умумий қиймати 2,9 миллион доллар бўлган ушбу дори АҚШнинг Нью-Жерси штати Кенилуорс шаҳрида ишлаб чиқарилиб, у «Merck Sharp & Dohme» фармацаевтика компанияси томонидан беғараз ёрдам сифатида тақдим этилди. АҚШда ташкил этилган «Project HOPE» халқаро соғлиқни сақлаш ташкилоти мазкур дорини АҚШдан Ўзбекистонга бепул етказиб берилишини таъминлади.

Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ушбу дори воситаларини топшириш маросимида элчи Памела Спратлен билан бирга Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев ҳамда «Project HOPE» ташкилотининг Европа ва Евроосиё бўйича Минтақавий директори Мариам Сианозова ҳам иштирок этди.

«Бугунги тадбир Ўзбекистон фуқароларининг саломатлиги ва фаровонлигини яхшилаш йўлида меҳнат қилаётган Ўзбекистон ҳукумати, хусусий сектор ҳамда Америка Қўшма Штатлари Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID)нинг ҳамкор ташкилоти ўртасидаги муваффаққиятли мувофиқлаштириш ва ўзаро ҳамкорлигининг натижасидир», — деди элчи Памела Спартлен.