2017 йилда Ўзбекистон жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 262 киши оқланган бўлса, 2012−2016 йилларда уларни сони бор-йўғи 7 нафарни ташкил этган эди. Бу ҳақда Олий суд расмий вакили Азиз Обидов «Газета.uz"га хабар қилди.

2018 йил биринчи чорагида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 68 та жиноят иши бўйича 114 нафар шахсга нисбатан оқлаш ва реабилитация қилиш тўғрисида қарорлар чиқарилган.

Хусусан, биринчи инстанция судлари томонидан 55 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилган ва Жиноят-процессуал кодексининг 83 моддаси (реабилитация учун асослар) асносида 9 нафар шахсга нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари тугатилган, юқори турувчи инстанция судлари томонидан 50 нафар шахс оқланган ва уларга нисбатан қўзғатилган жиноят ишлари тугатилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати томонидан 2 нафар шахс ва жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан эса 9 нафар шахс оқланган ва реабилитация қилинган.

Таҳлил натижаларига кўра, биринчи, апелляция ва кассация инстанциялари судлари томонидан Қашқадарё вилоятида — 29, Тошкент шаҳрида — 16, Тошкент вилоятида — 13, Сурхондарё вилоятида -7, Андижон вилоятида — 7, Хоразм вилоятида — 6, Қорақалпоғистон Республикасида — 5, Самарқанд вилоятида — 5, Фарғона вилоятида — 4, Жиззах вилоятида — 4, Сирдарё вилоятида — 4, Навоий вилоятида — 4 ва Бухоро вилоятида 1 нафар шахс оқланган ва реабилитация қилинган.

«Олий суд томонидан ушбу суд қарорлари ўрганиб чиқилиб, жиноят ишлари бўйича эълон қилинган айбловлар далиллар билан тасдиқланмагани, тахминлар ёки миш-мишлардан иборат маълумотлар ҳамда номақбул далилларга асосланганибоис судлар томонидан барча қарорлар асосли равишда чиқарилган деб топилди», — дейди Азиз Обидов.