Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети қошида Нанотехнологияларни ривожлантириш маркази иш бошлайди, дея хабар қилди ЎзМУ физика факультетида фаолият кўрсатаётган физика-математика фанлари доктори, академик Комил Муқимов «Газета.uz"га берган интервьюсида.

Марказ ташкил этиш ғояси академик Комил Муқимовда пайдо бўлган, бироқ у 2016 йил 30 декабригача, президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат илм-фан вакиллари билан учрашувига қадар эътиборсиз қолдириб келинаётган эди.

«Ўшанда президент: ўз таклифларингизни билдиринг, деган эди. Мен лойиҳани кўриб чиқиш учун юбордим ва февралда жавоб келди. 2017 йил 1 ноябрида президентнинг илмий-тадқиқот муассасалари инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори қабул қилинди ва унда Нанотехнологияларни ривожлантириш марказини ташкил этиш ҳам ўрин олган», — деди олим.

Унинг сўзларига кўра, янги марказ Ўзбекистонда нанотехнологияларни ривожлантириш ва наносаноатни ташкил этиш учун илмий-тадқиқот институтлари илмий салоҳиятини бирлаштириши лозим.

Марказда йирик жамоавий фойдаланишдаги лаборатория ташкил этилади. Зарур ускуналар учун 1,3 млн доллар ажратилади. «Биз биргаликда ишлаш учун бутун республикадан талабалар, ўқитувчилар, профессор ва олимларни таклиф этамиз. Бизда нанотехнологияларни мустақил равишда ўрганаётган олимлар бор, улар сони кам, лекин бор. Масалан, Андижон, Самарқанд ва Тошкентда университетларида», — деди Комил Муқимов.

Марказда ташкилий-таҳлилий бўлим фаолият кўрсатиб, у нанотехнологияларни ривожлантиришнинг замонавий жаҳон тенденцияларини таҳлил қилади, саноатнинг турли соҳалари учун ишлаб чиқиш, татбиқ этиш ва қўллаш мумкин бўлган материаллар ва технологияларни аниқлайди, шунингдек ишланмаларни жорий этиш учун корхоналар билан ишлашни йўлга қўяди.

«Тадқиқотлар асосида муайян компания ёки соҳани ривожлантириш учун таклифлар тайёрлаш ётади. Инновацион ривожлантириш вазирлиги лойиҳаларни амалга ошириш учун грантлар ажратади», — дея қайд этди Комил Муқимов.

Марказ кадрлар тайёрлаш билан ҳам шуғулланади. «Дастлаб Миллий университет, кейин эса республикадаги барча мутахассислар билан тажриба алмашамиз. Семинарлар, конференциялар ўтказиш режалаштирилган, бироқ ҳозирда энг муҳими — ишни бошлаш ва базани ташкил этиш», — дея таъкидлади академик.