7 апрель куни тахминан 17:25 атрофида Самарқанд вилояти Пайариқ туманида содир бўлган ЙТҲда саккиз киши ҳалок бўлди, дея хабар қилди Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати.

О.Камолов (1996 й. т.) бошқариб келаётган Cobalt автомобили Зарафшон дарёсининг ўнг соҳилида 4Р-48 автойўлининг қарама-қарши йўналишига чиқиб, С.Суннатов (1995 й. д.) бошқарувидаги Nexia билан юзма-юз тўқнашиб кетади.

Натижада Cobalt ва икки йўловчи ҳодиса жойида вафот этди, яна уч нафар йўловчи турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилди. Nexia автомобилида бўлган ҳайдовчи ва тўрт нафар йўловчи шифохонада ҳаётдан кўз юмган.

Бу жорий ҳафтада инсонлар қурбон бўлган иккинчи йирик ЙТҲдир. Чоршанба куни Жиззах вилояти Пахтакор туманида автомобилларнинг юзма-юз тўқнашуви оқибатида саккиз киши вафот этган этган эди.

Қайд этиш жоизки, шаҳарлараро трассаларда мунтазам равишда автомашиналарнинг қарама-қарши йўналишга чиқиш кетиши оқибатида ЙТҲлар содир бўлиб туради.

24 март куни Сурхондарё вилоятида 10 нафар йўловчи билан кетаётган Damas автомобили «КАМАЗ» юк машинаси билан тўқнашиб кетган, оқибатда 2 киши, жумладан бир бола ҳаётдан кўз юмиб, 9 киши жароҳат олган эди.

23 март куни «Навоий-Нурота» автомобиль йўлида Captiva ва Matiz тўқнашуви оқибатида 2 киши вафот этган, 5 киши тан жароҳатлари олган.

21 март куни Тошкент вилоятида Lacetti ва Damas тўқнашуви оқибатида 3 киши ҳалок бўлиб, 7 киши жароҳатланган эди.