Қирғизистон Давлат чегара хизмати 7 апрель куни Қирғизистон фуқароси Ўзбекистон чегарачилар томонидан отилган ўқдан ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилди.

Қирғиз томонининг талқинига кўра, Жалолобод вилояти Акси тумани Курулуш қишлоғида истиқомат қилган Ф. М. (1984 йилда туғилган) Қирғизистон ҳудудида бўлган ва Ўзбекистон чегарачилари унга ўқ узган вақтда Мамай аҳоли пункти томонига қараб ҳаракатланаётган бўлган. Эркак киши олган жароҳати туфайли Кербен шифохонасида вафот этган.

Ўзбекистон Давлат хавфсизлиги хизмати Чегара қўшинлари матбуот хизматининг «Газета.uz"га хабар қилишича, ҳодиса тахминан 7:30 да Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани чегарадош Мамай қишлоғи ҳудудида содир бўлган.

Ўзбекистон чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари қирғизистонлик чегара бузғунчисини ушлаш бўйича чораларни кўришга мажбур бўлган, бироқ у тўхташ талабини бажармасдан, ҳавога узилган огоҳлантирувчи ўққа эътибор қилмасдан, қўшни давлат ҳудудида яширинган.

Ўзбекистон ҳукуматидаги «Газета.uz» ахборот манбасининг маълум қилишича, чегарани ноқонуний бузиб ўтган эркакни Қирғизистон ҳудудида машина кутиб турган бўлган. У ерда жароҳатланган шахсни қарши олиб, шифохонага олиб кетишган, деди суҳбатдош.

Ҳодиса жойида Қирғизистон чегара масъуллари ҳамда икки давлат прокуратура органлари ходимлари тергов олиб бормоқда.