Тошкентдаги Байналмилал кўчаси Сеул шарафига қайта номланади. У корейс услубида реконструкция қилинади, дея хабар қилди пойтахт ҳокимининг инвестициялар, инновациялар ва туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Алишер Тиллаев «Газета.uz"га.

"Жанубий кореялик мутахассислар Бешёғоч кўчасидан Оқтепа чорраҳасига бўлган кесмадаги Сеул кўчасини лойиҳалаштириш ва дизайнини яратишда шаҳар архитектура хизмати билан ҳамкорлик қилади", — деди Алишер Тиллаев.

Февралда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган Байналмилал кўчасини реконструкция қилиш бўйича эскиз таклифлари. Фото: президент матбуот хизмати.

Лойиҳада Оқтепа анҳори соҳилида сайлгоҳ, шаҳарликлар дам олиши учун айвончалар, кафе, ресторан ва бошқа объектлар қурилиши кўзда тутилган.

Лойиҳани ўзбек томони ишлаб чиқмоқда, бироқ у жанубий кореялик экспертлар томонидан тасдиқланади. «Биз дарвозалар, айвончалар ва бошқа объектлар корейс услубида бўлиши учун уларнинг аслида корейсча дизайнда эканини тасдиқлашимиз керак. Агарда қайсидир белги, ҳарфда хато қилинса, у корейс эмас, бошқа услуб бўлиб қолади», — дейди Сеул маъмурияти вакили Ким Дай Сонг «Газета.uz"га.

Ким Дай Сонг Ўзбекистонга Тошкент ҳокимияти таклифи бўйича келган. У Мўғилистон, Миср, Франция, Германия, Ўзбекистон ва бошқа давлатлардаги Сеул боғларини лойиҳалаштиришда қатнашган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ноябрда Корея Республикасига давлат ташрифида икки мамлакат халқлари ўртасида дўстлик рамзи сифатида Тошкентдаги кўчалардан бирини Сеул номи билан аташни таклиф қилган эди. 2014 йилнинг кузида эса Ўзбекистон пойтахтида Сеул боғи очилган эди.