Янги ўқув йилида Тошкентда Жанубий Кореянинг Сожонг университети филиали очилади. ОТМда болаларни эрта ривожлантириш, реклама ва жамоатчилик билан алоқалар ҳамда туризм факультетлари фаолият олиб бориши кўзда тутилмоқда.

Пайшанба куни Ўзбекистон мактабгача таълим вазири Агриппина Шин ва Сожонг университети ректори Хонг Ёнг Ким Тошкентда ОТМ филиалини очиш бўйича баённомани имзолади.

Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизматидан «Газета.uz"га хабар қилинишича, ҳозирда филиални жойлаштириш учун жой аниқланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, сентябрда пойтахтда Жанубий Кореянинг Пучон университети филиали ҳам очилиши лозим. Унда мактабгача педагогика ва психология йўналишларида мутахассислар тайёрланади. филиал очилиши бўйича мақсадлар тўғрисидаги баённома февраль ойида имзоланган.