2018 йил 1 сентябрдан олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимлари ойликлари ўртача 25 фоизга кўтарилади. Бу Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 5 апрелдаги «Республика олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида кўзда тутилган.

Ҳужжатга берилган расмий шарҳда келтирилишича, айни вақтда республиканинг олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларидаги илмий ҳамда илмий-педагогик кадрларнинг салоҳияти паст даражада қолиб кетмоқда. Илмий унвон ёки илмий даражага эга бўлган олий малакали илмий ва илмий-педогогик кадрларнинг мазкур жараёнлардаги улуши тинимсиз пасайиб бораяпти. Кўп ҳолларда бу вазият илмий ходимлар ва профессор-ўқитувчилар таркибининг илмий унвон ёки илмий даражалар олишга бўлган уриниши сўнгги йиллар давомида моддий манфаатдорлик оқибатида пасайиб кетишига сабаб бўлмоқда, чунки стажёрлар (илмий унвон ва даражасиз) билан профессор — бош илмий ходимлар (илмий унвон ёки даражага эга) ўртасидаги фарқ 50 фоиздан ортмаган ҳолда сақланиб қолинмоқда.

Мазкур қарор 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб 81 та олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ва 136 та илмий-тадқиқот институти илмий ходимлари таркибининг барча базавий лавозим маошлари миқдорлари сезиларли оширилишини назарда тутади: ҳаммаси бўлиб 38 мингдан ортиқ олий таълим муассасалари (28,1 минг одам) ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимлари (8,0 минг одам), шунингдек 1,9 минг докторантлар.

Базавий лавозим маошлари табақалаштирилган ҳолда оширилиб, биринчи ўринда илмий унвон ёки даражага эга бўлган ходимларга татбиқ этилади. Ўртача ҳисобда базавий лавозим маошлари 25 фоизга оширилади (стажёрларга 5 фоиздан, олий таълим муассасалари профессорлари ва илмий-тадқиқот институтларининг бош илмий ходимларига 38 фоизгача). Табақалаштирилган базавий лавозим маошлари оширилишини назарда тутган ҳолда эгаллаб турган лавозимидан, илмий унвон ёки даражаси борлигидан келиб чиқиб белгиланади. Бунда стажёр билан профессор ўртасида базавий лавозим маошлари миқдорлари 100 фоизга, ёки икки бараварига оширилиши кўзда тутилади.Таклиф қилинаётган чора-тадбирлар олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари таркиби ва илмий-тадқиқот институтларининг илмий ходимлари ўз билимлари ва касбий кўникмаларини, доимий равишда ошириб боришлари, илмий фаолиятларини олиб боришлари учун рағбатлантириш мақсадида ишлаб чиқилди.

2018 йилнинг 1 сентябридан бошлаб базавий лавозим маошлари оширилишига ҳаммаси бўлиб 73,8 миллиард сўм (38,4 — давлат бюджети маблағлари), улардан 60,3 миллиард сўм — олий таълим муассасалари учун (24,9 — миллиард сўм давлат бюджети маблағлари), 11,3 млрд. сўм — илмий-тадқиқот институтлари учун, шунингдек, 2,2 миллиард сўм олий таълимдан кейинги таълим институтлари учун қўшимча ажратилиши режалаштирилган. Шу билан бирга республиканинг олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларига меҳнат ҳақи тўлашда қўшимча ойлик харажатлари миқдори 18,4 миллиард сўм бўлиб, жумладан, 9,6 миллиард сўми Ўзбекистон Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Қарор билан алоҳида белгиланганки, олий таълимдан кейинги таълим институтларида таълим олаётган 1923 нафар тадқиқотчига илмий унвони ёки даражаси бўлмаган кичик илмий ходимнинг базавий лавозим маоши миқдорларига тенглаштирилиб, 1,76 миллион. сўм, (базавий докторантура, 1669 нафар) ҳамда фан номзоди илмий даражаси ёки унвони бўлган етакчи илмий ходимнинг базавий лавозим маоши миқдорларига тенг бўлган — 2,2 миллион сўм (докторантура, 254 нафар) миқдорида оширилган стипендия (17 фоиз — 18 фоизга оширилади) тўланади.

Мазкур қарор билан фан доктори илмий даражаси бўлган профессорлар меҳнат ҳақи миқдори 38−44 фоизга оширилади ва амалдаги 2,5 миллион сўм ўрнига 3,46 миллион сўм бўлади ва шу билан стажёр-ўқитувчининг меҳнат ҳақи миқдори билан 100 фоизли тафовутни ҳосил қилади (стажёр маоши — 1,73 миллион сўм).

Илмий-тадқиқот муассасаларида фан доктори даражаси ёки профессор унвонига эга бош илмий ходимнинг меҳнат ҳақи амалдаги 2,25 миллион сўм ўрнига 38 фоизга оширилиб, 3,11 миллион сўмга етади, стажёр-тадқиқотчи меҳнат ҳақи миқдоридан 100 фоизга ёки икки бараварга оширилади (стажер маоши — 1,55 миллион сўм).