Самарқанд вилоятининг Ургут туманида Ўзбекистон Олий суди томонидан тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди, дея хабар қилди Олий суд матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Тадбирда Ўзбекистон Олий суди раисининг ўринбосари Б. Исоқов ва бошқалар мамлакатда тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда суд органлари томонидан олиб борилаётган ишлар, бу борадаги қонунчилик ва тартиблар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, тадбиркор ва фермерлар фаолиятига тўсиқ бўлаётган муаммолар юзасидан суд идораларида кўрилаётган ишлар ҳамда уларнинг натижалари таҳлил этилди.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2017 йил 20 декабрдаги XIII ялпи мажлисида маъқулланиб, жорий йил январь ойида тасдиқланган Иқтисодий процессуал кодекс иқтисодий низоларни одилона кўриб чиқиш ва ҳал этишда кенг имкониятлар яратди, — дейди Ўзбекистон Олий суди судьяси Қ. Комилов. — 2018 йил 1 апрелдан кучга кирадиган ушбу кодекс иқтисодий судларда ишларни юритиш тартибини такомиллаштириб, соҳадаги қонунчилик ва амалиётдаги айрим камчиликларга барҳам беради. Тадбиркорлар билан мулоқот жараёнида уларга бу ҳақда маълумот бериш билан бирга, ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилди».

Тадбир доирасида Олий суд томонидан нашр этилган «Иқтисодий судларга мурожаат қилиш тартиби» номли амалий қўлланма тақдимоти ҳам ўтказилди.

Шунингдек, туманда Олий суд судьялари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, мутасадди идоралар масъул ходимлари иштирокида сайёр қабуллар уюштирилиб, тадбиркорларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги муаммолари эшитилди, уларни ҳал этиш чоралари кўрилди.