Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 апрель куни мамлакатда ижодий муҳитни янада яхшилашга қаратилган «Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади.

«Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг асосий фаолият йўналишлари, унинг Низоми ва таркибий тузилмаси бугунги шиддатли давр талабларига тўла жавоб бермаяпти. Бозор иқтисодиёти ва глобаллашув жараёнлари билан боғлиқ ҳозирги мураккаб шароитда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоларининг ҳаётий манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамият тараққиёти учун беқиёс аҳамиятга эга бўлган машаққатли ижодий меҳнатини муносиб қадрлаш, адабиёт ва санъат соҳасини ҳар томонлама ривожлантириш, бадиий ижод аҳлининг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, истеъдодли ёш ижодкорларни тизимли асосда тарбиялаш ва бошқа ўта муҳим йўналишларда оқсоқликка йўл қўйилмоқда», — дейилади қарорда.

Қарорда ўзбек тилидаги Интернет адабиётини шакллантириш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш белгиланди.

Тегишли вазирлик ва идораларга ижодкорларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мулк шаклидан қатъи назар, барча оммавий ахборот воситалари, жумладан, электрон ОАВ, нашриётлар томонидан муаллифлик гонорари тўлашни қонуний асосда таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқиш топширилди.

Шунингдек, қарор билан китоб савдоси тизими такомиллаштирилади, янги нашр этилган асарларнинг барча ҳудудлардаги ўқувчиларга ўз вақтида етиб бориши таъминланади, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари ишлаб топилган маблағлари, шунингдек, корхона ва ташкилотлар, хўжалик бирлашмаларининг ўз маблағлари ҳисобидан ушбу китобларнинг сотиб олишини таъминланади.

Ҳужжатда Тошкент шаҳрида имтиёзли ипотека кредити асосида 110 та квартирали уй-жой қуриш ишлари бошлангани маълумот учун қабул қилинди.

Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси ҳамда вилоятлар ҳокимликларига 2018−2021 йилларда ҳудудларда яшаб фаол ижод қилаётган, уй-жойга муҳтож уюшма аъзолари учун имтиёзли ипотека кредити асосида уй-жойлар ажратиш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқиш, уй-жойларни тақсимлашда қонунийлик ва адолат мезонларига қатъий амал қилишга алоҳида эътибор қаратиш вазифаси топширилди.

Ёўзувчилар уюшмаси муассислигида нашр этиладиган «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, «Шарқ юлдузи» — «Звезда Востока», «Жаҳон адабиёти», «Ёшлик», «Амударё» журналлари таҳририятлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш белгиланди. Ушбу нашрларни қоғоз билан таъминлаш, босмахона харажатларини қоплаш ва уларнинг обунасига кўмаклашиш учун «Ижод» жамоат фонди томонидан қўшимча маблағлар ажратилади.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси ва «АKFA» МЧЖ, «Шарқ юлдузи"-«Звезда Востока» журналлари ва «IMZO» МЧЖ, «Жаҳон адабиёти» журнали ва «Delta-Qurmah» МЧЖ, «Ёшлик» журнали ва «Universal Paсking Masters» МЧЖ, «Амударё» журнали ва «Ўзқурилишматериаллари» АЖ ўртасида «Дўстлар клублари» тузилиб, шартнома асосида доимий ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Шу билан бирга, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети қошида Олий адабиёт курси ташкил этилади. 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб Олий адабиёт курсига бакалавр даражасига эга бўлган ва адабиёт соҳасида ўз ижодий қобилиятини намоён этган ижодкорлар танлов асосида қабул қилинади. Олий адабиёт курсига йиллик қабул квоталарининг 40 фоизи бюджет ва 60 фоизи тўлов-контракт бўйича шакллантирилади.