4 апрель куни 12:40 да Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида саккиз киши ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати хабар қилди.

1990 йилда туғилган Асилбек Мамадиев бошқарувидаги «Нексия» русумли автомашинани «Жиззах-Гагарин» йўлининг 49-километрида ҳайдаб кетаётиб, қарама-қарши томондан ҳаракатланиб келаётган 1992 йилда туғилган Саврон Ёрқулов бошқарувидаги «Нексия» русумли автомашина билан тўқнашув содир этган. Оқибатида иккала автомашина тўлиқ ёниб кетган.

Дастлабки маълумотларга кўра, биринчи машина ҳайдовчиси (Жиззах шаҳрида истиқомат қилган) ва унинг йўловчилари — Жиззах шаҳрида истиқомат қилган 1985 йилда туғилган Жамшид Ахроров, Дўстлик туманида истиқомат қилган 1974 йилда туғилган Равшан Отабоев ҳаётдан кўз юмган.

Шунингдек иккинчи автомашина ҳайдовчиси ва унинг йўловчилари — Луқмон Алибеков (Пахтакор тумани, 1972 йилда туғилган), Нигора Қурбонова (Зафаробод тумани, 1998), Орзигул Абдуллаева (Арнасой тумани, 1997), Феруз Шерматов (Жиззах шаҳри, 1986) воқеа жойида ҳалок бўлган.

Йўл-транспорт ҳодисаси натижасида ҳалок бўлганларнинг шахсига тааллуқли бошқа маълумотларга аниқлик киритилмоқда.

Қайд этиш жоизки, шаҳарлараро трассаларда мунтазам равишда автомашиналарнинг қарама-қарши йўналишга чиқиш кетиши оқибатида ЙТҲлар содир бўлиб туради.

24 март куни Сурхондарё вилоятида 10 нафар йўловчи билан кетаётган Damas автомобили «КАМА»" юк машинаси билан тўқнашиб кетган, оқибатда 2 киши, жумладан бир бола ҳаётдан кўз юмиб, 9 киши жароҳат олган эди.

23 март куни «Навоий-Нурота» автомобиль йўлида Captiva ва Matiz тўқнашуви оқибатида 2 киши вафот этган, 5 киши тан жароҳатлари олган.

21 март куни Тошкент вилоятида Lacetti ва Damas тўқнашуви оқибатида 3 киши ҳалок бўлиб, 7 киши жароҳатланган эди.