Яндекс.Такси хизмати Ўзбекистон йўловчи ташиш бозорига расман кириб келди ва 4 апрелдан бошлаб Тошкентда фаолиятини бошлади. Ўзбекистон ушбу хизмат ишга туширилган тўққизинчи мамлакатга айланди.

Таксига буюртма бериш учун фақат мобил иловани очиш ва бориш керак бўлган жойни кўрсатиш кифоя. Диспетчерга қўнғироқ қилиш ва аниқ манзилни айтишнинг кераги йўқ. Хизматнинг ўзи фойдаланувчи қаердалигини аниқлайди ва ўша ерга машинани жўнатади. Яндекс.Такси алгоритмлари йўллардаги масофа ва тирбандликларни ҳисобга олади ҳамда фойдаланувчининг олдига энг тез етиб келадиган ҳайдовчини топади.

«Буюртмаларни тақсимлашнинг „ақлли“ тизими туфайли Яндекс.Такси сафар харажатларини камайтиради. Харажатларнинг катта қисми машинанинг йўловчисиз туриши, кейинги мижозни топиш ва бўш юришдан иборат. Яндех.Тахи алгоритмлари ушбу харажатларни камайтиради. Сафар фойдаланувчилар учун арзонлашади ва ҳайдовчилар кўпроқ пул топишади», — дейди Яндекс.Таксининг халқаро ривожланиш бўйича директори Мушег Саакян.

Сафарнинг нархи қуйидагича ҳисобланади: миниш ва биринчи уч километрига икки минг сўм сарфланади. Шаҳар ичида километрига минг сўм, шаҳар ташқарисида бир ярим минг сўм. Амир Темур хиёбонидан Самарқанд Дарвоза савдо марказига бориш нархи беш минг сўмни ташкил этади. Тошкент давлат юридик университетидан Алишер Навоий номидаги миллий боғгача — тўрт минг сўм.

Ҳозирча фойдаланувчилар пулни нақд пулда тўлашади. Яндекс.Такси тўловни банк картаси билан амалга оширишни режалаштирмоқда. Рақамни ҳар сафар қайта киритмаслик учун уни аккаунтга улаб қўйиш мумкин.

Сафар охирида фойдаланувчи сафарга баҳо беради. Баҳо ҳайдовчининг рейтингига таъсир кўрсатади. Агар ҳайдовчи кўп маротаба салбий баҳоланса — тизим унинг аккаунтини блоклаб қўяди.

Дастур 24 соатлик онлайн қўллаб-қувватлаш хизматига эга. Агар йўловчининг сафардан кўнгли тўлмаса, машина ичида буюмларини унутиб қолдирса ёки савол беришни хоҳласа — у иловага ёзиши мумкин ва унга ёрдам кўрсатилади.

Яндекс.Такси ҳайдовчилар билан бевосита ишламайди. У таксопарклар ва диспетчерлик хизматлари билан ҳамкорлик қилади. Тошкентда ўнлаб Яндекс.Такси ҳамкор-таксопаркларидан 200 тадан ортиқ автомобиллар хизматга уланган.

«Ўзбекистон раҳбарияти инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида фаол иш олиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган устувор йўналишларига мувофиқ „Равон Авто Бизнес“ МЧЖ мамлакатимиз фуқаролари учун илғор технологияларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Хусусан, биз бир неча ой давомида энг йирик онлайн хизматларни ишлаб чиқарувчи Яндех компаниясини бозоримизга жалб этиш бўйича музокаралар олиб бордик ва натижада Яндех.Таксининг Ўзбекистондаги бош ҳамкорига айландик. Бизнинг мақсадимиз — замонавий технологиялар ёрдамида такси хизматларидан фойдаланишнинг максимал қулайлиги ва хавфсизлигини дастлаб Тошкент шаҳри аҳолиси ва кейинроқ бутун мамлакат бўйлаб таъминлашдир. Яндекс.Такси сайёҳларга яхши маълум — бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра, Республикага келадиган сайёҳларнинг 70 фоизга яқини хизматдан аллақачон фойдаланган», — дейди «Равон Авто Бизнес» МЧЖ директори ўринбосари Бабур Турсунович Маматов.

Яндекс.Такси иловаси бепул. Уни iOS ва Android учун юклаб олиш мумкин.