Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Экстремизмга қарши курашиш конвенциясини ратификация қилиш тўғрисида"ги қонунни имзолади. Ҳужжат чоршанба куни «Халқ сўзи» газетасида чоп этилди. Қонун март ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенат тасдиғидан ўтган эди.

Конвенция ўтган йилнинг июнь ойида Остонада ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан имзоланган эди.

Ўзбекистонда конвенцияни амалга ошириш бўйича Давлат хавфсизлик хизмати, ИИВ ва Бош прокуратура ваколатли орган этиб белгиланди.

«Конвенция қоидаларининг Ўзбекистон Республикасида жиноий жазо сифатида юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкини мусодара қилишни қўллаш мумкинлигига тааллуқли қисми миллий қонунчиликка мос келмаганлиги учун қўлланилмайди», — дейилади қонунда.