Ўзбекистон президенти 2 апрель куни иккита — Қозоғистон ва Туркманистон билан чегаралар туташган ҳудуд ҳамда Афғонистон билан ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги шартномаларни ратификация қилди. Ратификация тўғрисидаги қонун ҳужжатлари «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган.

Уч давлат чегаралари туташган нуқталар ҳудуди тўғрисидаги шартнома Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари томонидан 2017 йилнинг 10 ноябрида Самарқанд шаҳрида ўтган «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзусидаги халқаро конференцияда имзоланган эди.

Сенат матбуот хизматининг хабар қилишича, «шартнома уч чегарадош давлатнинг ўзаро ҳурмат, суверен тенглик ва ҳудудий яхлитлигини кучайтириш учун мустаҳкам асос яратади».

Ўзбекистон Республикаси билан Афғонистон Ислом Республикаси ўртасида фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги шартнома Афғонистон президенти Ашраф Ғанининг 2017 йил 5 декабрда Ўзбекистонга қилган ташрифи чоғида имзоланган эди.

Сенат матбуот хизматининг маълумотларига кўра, шартнома «икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий қисми ҳисобланади ва ўзаро муносабатлар ривожи учун қўйилажак қадамлар барқарорлигини таъминлайди». Ҳужжат, хусусан, икки мамлакат фуқароларига ҳуқуқий ҳимоядан тенгҳуқуқли фойдаланиш имкониятини беради.