Самарқандда таълим рус тилида олиб бориладиган учта нодавлат мактабгача таълим муассасаси иш бошлади, дея хабар қилди Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га.

"Мингтут" маҳалласида таълим рус тилида олиб бориладиган 120 ўринли «Сказочная страна» болалар боғчаси иш бошлади.

«Лолазор 2» маҳалласида эса «Умка Н» МТМ очилди. Бу ерда таълим ҳам рус, ҳам ўзбек тилларида олиб борилади. 70 ўринга мўлжалланган болалар боғчаси 15 нафар болани қабул қилди.

«Сиёбча» маҳалласида 70 ўринга мўлжалланган Advantage Smart Kids деб номланган болалар боғчаси фаолиятини йўлга қўйди. Ҳозирда бу ерда 35 бола тарбия олмоқда. Таълим рус тилида олиб борилади.

Шундай қилиб, Самарқандда энди 12 та нодавлат МТМ фаолият кўрсатмоқда. Вилоятда йил охирига қадар 50 та хусусий болалар боғчаси очиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, вазирликдан хабар қилинишича, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида ҳар бири 50 ўринган мўлжалланган учта давлат болалар боғчаси очилди. Улар «Жумабой», «Навбаҳор» ва «Мундиён» маҳаллалари аҳолисига хизмати қилади.