«Ақлли шаҳар» концепцияси бўйича Тошкент вилояти маъмурий маркази қурилиши учун 246,2 га ер майдони ажратилади, дея хабар қилди Адлия вазирлиги расмий телеграм-каналида.

26 мартда қабул қилинган шу ҳақдаги ҳукумат қарорига мувофиқ, Нурафшон шаҳри ҳокимлиги ҳузурида давлат унитар корхонаси шаклидаги Тошкент вилояти маъмурий марказини қуриш дирекцияси ташкил этилди. Дирекция «Ақлли шаҳар» концепцияси бўйича Нурафшон шаҳрида Тошкент вилояти маъмурий маркази қуриш" инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида буюртмачи функциясини амалга оширади.

Тошкент вилояти ҳокимлигига Дирекция буюртмасига биноан бир ой муддатда Тошкент вилояти маъмурий маркази қурилиши учун 246,2 гектар ер участкаси, шу жумладан «Кончи» массиви ҳудудида — 113 гектар ва «Янги турмуш» массиви ҳудудида — 133,2 гектар ер участкаси ажратиш вазифаси юкланди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига Нурафшон шаҳрининг телекоммуникация тармоқлари ва тизимларини модернизация қилиш, замонавий оптик-толали тармоқларни ўтказиш чора-тадбирларини кўриш топширилди.