1 апрелдан бошлаб болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари олиш учун жисмоний шахслар фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қиладилар, дея хабар берди Адлия вазирлиги ўзининг расмий Телеграм-каналида.

28 март куни Вазирлар Маҳкамаси Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилди.

Эндиликда йўлланмалар муассасаларда ўринлар бўшаган куни навбатга мувофиқ расмийлаштирилади. Бунда имтиёзли рўйхатга киритилганлар бўйича йўлланмалар умумий рўйхатга киритилганларга нисбатан биринчи навбатда расмийлаштирилади.

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг болалари; уч нафар ёки ундан кўп болалари бўлган оилаларнинг болалари; ҳарбий хизматчиларнинг ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг болалари; талабалар ва педагогларнинг болалари; етим болалар ёки ота-онасининг қаровисиз қолган болалар; бошқа муассасалардан ўтказилган болалар; акалари ёки опалари ушбу муассасанинг тарбияланувчилари жумласидан бўлган болалар имтиёзли рўйхатга киритилади.

Болаларни муассасага қабул қилиш бўйича давлат хизмати бепул амалга оширилади.