Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бекободда (Тошкент вилояти) овқатдан оммавий заҳарланиш ҳодисаси қайд этилганини маълум қилди. Вазирлик матбуот хизмати маълумотларига кўра, 30 март куни 6:20 дан 31 март 14:30 га қадар тиббиёт муассасасига 55 киши, жумладан 6 нафар бола тана хароратининг кўтарилиши, ҳолсизлик, кўнгил айниши, қайт қилиш, ич кетиши, бўғимларда оғриқ каби шикоятлар билан мурожаат қилган.

Ўтказилган эпидемиологик текширувлар улар 28 март куни Бекобод шаҳридаги «Бахт уйи» тўйхонаси бўлиб ўтган никоҳ тўйи ва «Дилдора» тўйхонасида ўтказилган қиз базмида иштирок этган. Биринчи тадбирда 300 киши иштирок этган бўлса, иккинчисида 280 киши қатнашган. Ҳар икки залга таом ва салатларни «Нодирбек омад барака» хусусий корхонасига тегишли «Истиқлол» кафеси етказиб берган.

Юзага келган эпидемик вазиятни жойида ўрганиш, беморларни даволаш, профилактика ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни ўтказишда маҳаллий мутахассисларга амалий ёрдам кўрсатиш учун Республика Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти директори, институт шифохонасининг бош врачи, 3 нафар реаниматолог, Республика санитария — эпидемиология назорат маркази бош врачи ва бўлим мудири 30 март куни Бекобод шаҳрига юборилди.

Беморларнинг умумий аҳволи ўртача оғирликда. 2 нафар беморга қониқарли аҳволда уйларига жавоб берилди. Мурожаат қилган 7 нафар беморга амбулатория шароитида тиббий ёрдам кўрсатилиб, аҳволлари қониқарли бўлгани учун уйларига кетишга рухсат берилди.

Тўй маросимида иштирок этган фуқароларни рўйхатини аниқлаш, профилактик ва эпидемияга қарши тадбирларни амалга ошириш учун шаҳар тиббиёт бирлашмасидан жалб этилган 136 нафар патронаж ҳамшира ва санитария-эпидемиология хизматидан 50 нафар мутахассис томонидан хонадонма-хонадон юриб, суриштириш ишлари олиб борилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги вазиятни ўз назорати остига олган.