Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегарасидаги «Ғишткўприк» ўтказиш пункти орқали кунига 30 мингдан ортиқ киши ўтмоқда. Бу ҳақда жума куни Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари бошқармаси томонидан журналистлар ва блогерлар учун ташкил этилган медиа-турда маълум қилинди.


Маълум қилинишича, бугунги кунда Ўзбекистон билан қўшни давлат чегараларида 69 та ўтказиш пунктлари фаолият кўрсатаётган бўлса, улар орқали кунига 120 мингдан зиёд киши кириб-чиқмоқда. Уларнинг тўртдан бир қисми эса айнан «Ғишткўприк» (Қозоғистонда — «Жибек жоли») ҳиссасига тўғри келмоқда.


Ўтказиш пункти замонавий сканерлаш ускуналари билан таъминланган. Яқинда йирик ҳажмли юкларни қисқа фурсатда сканер қилишга мўлжалланган ускуна ҳам ўрнатилди. Бу чегарани кесиб ўтиш жараёнини тезлаштириб, турли ноқулайликлар, жумладан катта ҳажмли юкларни очиш, қадоғидан чиқариш каби жараёнлардан воз кечиш имкониятини яратди.


Бугунги кунда ўтказиш пункти орқали Ўзбекистондан чиқиб кетаётганларни паспорт назоратидан ўтказиш учун 9 та кабинада бир вақтда 18 нафар ходим фаолият кўрсатмоқда. Бир кишининг Ўзбекистон ҳудудига кириб, барча чегара ва божхона жараёнларидан ўтиши юксиз ҳолатда 3,5−4 дақиқани олмоқда. Бу вақтнинг катта қисми эса оралиқ масофани пиёда босиб ўтишга сарфланмоқда.


Шунингдек, чегара ўтказиш мажмуаси ўтказувчанлигини ошириш мақсадида икки давлат ўртасидаги келишувга кўра юк машиналарини бошқа — «Тошкент» ва «Навоий» ўтказиш пунктлари орқали ўтказиш йўлга қўйилди, дейди ДХХ Чегара назорати бошқармаси бошлиғи Собир Ўринбоев.