Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 март куни Жиззах вилоятига ташриф буюрди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Дастлаб у Зарбдор туманидаги «Зарбдор текстил» масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди. Ушбу муассаса қурилиши ҳақида президентнинг ўтган йил вилоятга сафарида топшириқ берилган эди.
Шавкат Мирзиёев яқинда Самарқанд вилоятига сафари вақтида ҳар бир ҳудудда энг камида иккитадан тўқимачилик корхонаси қурилиши лозимлигини таъкидлаган эди.

«Зарбдор текстил» ана шундай корхоналардан бири бўлди. Бу ерда ҳозирда 1060 нафардан зиёд ишчи меҳнат қилмоқда.

«Менинг энг катта мақсадим — одамларни иш, даромад манбаи билан таъминлаш, — деди Шавкат Мирзиёев. — Энди пахтани хорижга камроқ экспорт қиламиз, уни ўз мамлакатимизда қайта ишлаб, қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқарамиз».
Шу ернинг ўзида Жиззах вилоятида тўқимачилик, кимё ва фармацевтикани ривожлантириш, шунингдек инвестицияларни жалб қилиш бўйича лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.