2017 йил мобайнида Ўзбекистон давлат чегараларидаги ўтказиш пунктлари орқали жами 22 млн дан ортиқ киши ўтган бўлиб, уларнинг қарийб 7 млн нафарга яқини чет эл фуқароларидир. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмондонининг биринчи ўринбосари — Бош штаб бошлиғи генерал-майор Носирбек Усманбеков пайшанба куни журналистлар билан учрашувда маълум қилди.

Унинг маълум қилишича, ўтган йил давомида давлат чегараларида 920 мингдан ортиқ транспорт воситаси кўрикдан ўтказилган. Уларнинг 400 мингдан зиёди чет эл транспорт воситаларидир.

«2017 йил ҳисобида давлат чегараси ҳудудида 4940 нафар чегара бузғунчиси ушланди, — дейди Носирбек Усманбеков. — Шунингдек, 32 млрд сўмлик ноқонуний олиб ўтилаётган моддий воситалар, 1,88 млн АҚШ доллари ва бошқа давлатлар валюталари, 48 кг 971 грамм миқдорида гиёҳванд моддалар ва 285 дона қурол ушлаб қолинган».