29 март куни Фарғонада Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарадош вилоятлари ҳокимлари кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.

Йиғилишга Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон ҳукумати раҳбари Сапар Исаков раислик қилди.

Кенгаш чегарадош вилоятлар ўртасидаги икки томонлама алоқалар ҳолатини мунтазам таҳлил қилиш ва мониторингини олиб бориш билан шуғулланади. Шунингдек, ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган таклифларни ишлаб чиқади.

Абдулла Арипов Ўзбекистонда Қирғизистон маданияти кунлари ўтказилишига тайёргарлик кўрилаётганидан хабардор қилди. Бунда мамлакат ҳудудида қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигига бағишлаб юбилей маросимларини ўтказиш режалаштирилган, дея хабар қилди Қирғизистон ҳукумати матбуот хизмати.

Сапар исаков мамлакатлар ўртасидаги ўзаро алоқалар кенгайтириш учун «Достук-автодорожний» назорат-ўтказиш пунктида қўшимча чегара назорати кабиналари ўрнатилаётганини маълум қилди.

Кенгаш йиғилиши жараёнида ҳудудлараро ҳамкорлик, савдо-иқтисодий ва инвестицион алоқаларни кенгайтириш, маданий ва гуманитар ҳамкорликни чуқурлаштириш, фуқароларнинг Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегараларини кесиб ўтишлари учун шароитларни яхшилаш ва бошқа долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Учрашув якунлари бўйича кенгашнинг навбатдаги йиғилишини Қирғизистон ҳудудида ўтказиш тўғрисидаги келишувга эришилди.