Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати пайшанба куни «Давлат хавфсизлиги тўғрисида"ги қонунни тасдиқлади. Қонун 9 бўлим ва 48 моддадан ташкил топган бўлиб, унда Ўзбекистон давлат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ягона сиёсатни шакллантиради.

«Жаҳон ва Марказий Осиё минтақасидаги вазият мамлакатлар хавфсизлиги тизими самарадорлигини тубдан ўзгартиришни талаб қилмоқда», — деди Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича қўмитаси раиси Фаррух Дадахўжаев.
Қонун билан Давлат хавфсизлиги хизмати Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва манфаатларини ташқи ва ички хатарлардан ҳимоя қилувчи ваколатли орган этиб белгиланди. ДХХ бевосита мамлакат президентига бўйсунади ва ҳисобот беради.

Ҳужжат ДХХ фаолиятининг асосий тамойиллари белгилаб олинди. Улар: қонунийлик, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этиш, фуқароларга кўмак бериш, ҳуқуқбузарликлардан огоҳлантириш ва профилактикаси устуворлиги, бирлик, мустақиллик ва фаолият конспирацияси.

Қонунга мувофиқ, ДХХ органлари ўз фаолиятини конспирация тамойили асосида ташкил этади. Қонунчиликда илк бор разведка ва контрразведка фаолияти тушунчасига аниқлик киритилди.