Давр шиддат билан ривожланиб, инсон ҳаёти тобора қулайлашиб бормоқда. Бугун савдо-сотиқ қилиш учун кўчага чиқиш шарт эмас: биргина мобил илова орқали хоҳлаган нарсангизга буюртма беришингиз мумкин. Бошқарув, ҳужжатлар алмашинуви ҳам виртуаллашмоқда, масофадан туриб турли хизматларни кўрсатиш оммалашмоқда. Бу ўсиш ва ривожланиш таълим соҳасини ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Бугун бутун дунёда миллионлаб кишилар қарийб барча соҳалар: ҳуқуқ, муҳандислик, дастурлаш, тил ўрганиш ва бошқа йўналишларда масофадан таълим олмоқда. Онлайн таълим бепуллиги, ҳаммабоплиги ва қулайлиги билан тобора кенг ёйилмоқда. АҚШ Давлат департаменти томонидан ташкиллаштирилган «Медиа Ко» дастури доирасида Америкада хизмат сафарида бўлиб қайтган «Газета.uz» мухбири Санжар Рустамов онлайн таълимнинг бугуни ва келажаги ҳақида мутахассислар билан суҳбатда бўлди.

«Оммавий очиқ онлайн курслар (МООК) бўйича бутун дунёдаги хоҳлаган киши ушбу курсда бепул таълим ола олади, — дейди Массачусетс технологиялар институти (MIT) Рақамли таълим маркази директори Шерл Барлс биз билан суҳбатда. — MITда очиқ онлайн курслар 18 йил аввал бошлаган. Ўша вақтлардаёқ МИТда ўтилаётган барча дарслар ҳамма учун бепул онлайн шаклга келтирган. Миллионлаб одамлар ушбу бепул курслардан фойдаланишлари мумкин. Албатта бу синфхонада дарс қилишдан фарқ қилади. Бу кутубхонадаги бепул ресурслардан фойдаланишга ўхшайди».


Шерл Барлс. Фото: Санжар Рустамов / «Газета.uz»

Айтиш жоизки, Массачусетс технологиялар институтида сабоқ олишни истаган хорижлик талаба бакалавр ва магистратура босқичи учун йилига 58 минг доллар пул тўлаши керак. Ундан ташқари, яшаш, овқатланиш, транспорт ва бошқа харажатлар учун яна бир неча ўн минг доллар талаб қилинади (Ойлик яшаш тўлови — 1200−2000 доллар атрофида). Ушбу таълим даргоҳида ўқиш америкаликлар учун ҳам унчалик арзон эмас — йилига 20 минг доллар.

«Онлайн машғулотлар деярли барча мавзуларни қамраб олган. Бироқ MIT технологияларга асосан ихтисослашгани учун STEM фанлардан (STEM: S — science, T — technology, E — engineering, M — mathematics,ёки: табиий фанлар, технология, муҳандислик, ижодкорлик, математика. Бир сўз билан айтганда, замонавий дунёда энг талабгир фан — таҳр.) энг кўп мавзулар мавжуд. Курслар MIT ўқитувчилари томонидан тайёрланади», — дейди Шерл Барлс.

Массачусетс технологиялар институти. Фото: Санжар Рустамов / «Газета.uz»

Марказ директорининг айтишича, онлайн курслардан ўтиш учун ҳеч қандай аниқ муддат белгиланмаган, бироқ курслар олти ойдан икки йилгача муддат таълим олиш мумкин. Курсни тамомлаганлар хоҳласа пулли имтиҳон топшириб, даража ёки сертификат олиши мумкин. Тахминан 50 доллар тўлаб сертификат олиш мумкин. Бу сертификат ҳеч қандай ҳуқуқий мақомга эга бўлмаса ҳам, иш берувчилар учун у аҳамиятга эга бўлиши мумкин.

Яъни, дейлик сиз дастурлаш бўйича олти ой давомида онлайн машғулотларда қатнашдингиз ва қўлингизда MIT сертификати бор. Билим ва қобилият жиҳатдан тўрт йиллик анъанавий бакалавр йўналишида таҳсил олган битирувчидан устун бўлсангиз, иш берувчи қўлингиздаги бир парча қоғозга қарамаслиги ҳам мумкин. Айни шу ҳолат бугун хусусий секторда яққол кўзга ташланмоқда: муҳими ишини эпласин, топширилган вазифаларни аъло даражада бажарсин, ҳужжатбозлик, қоғозбозликка ҳожат йўқ, дейдиган ишбилармонлар сони тобора ошмоқда.

Бугун ана шу имкониятдан фойдаланганлар сони бир неча миллион нафарни ташкил этмоқда. Нафақат MIT, балки дунёнинг бошқа етакчи университетлари, таълим марказлари ҳам онлайн таълимга катта урғу қаратмоқда.

Айни шу мавзуда Индиана университети профессори Курт Бонк билан суҳбатлашганимизда онлайн таълимнинг афзал жиҳатларини сўзлаб берди:

«Мактаблар, олий таълим даргоҳлари, корпорациялар, давлат ташкилотлари учун онлайн таълим тизими кўплаб имкониятларни беради. Дарслардан кейин қўшимча вазифаларни бериш, глобал даражада алмашинув дастурларини амалга ошириш мумкин. Синф хонасида ўқувчилар сони чекланган бўлса, онлайн таълимда бир вақтнинг ўзида кўплаб инсонларга таълим бериш имконияти пайдо бўлади. Онлайн таълим уятчанг талабаларнинг фаолроқ билим олишларига имкон беради. Анъанавий дарсларда берилган маълумотларни тўлиқ эслаб қолиш қийин бўлиши мумкин. Онлайн таълимда эса билимларни такрорлаш, уларни глобал миқёсда алмашиш, бўлишиш имконияти мавжуд бўлади».


Курт Бонк. Фото: Санжар Рустамов / «Газета.uz».

"Онлайн муҳитда қиммат дарсликларни бепул ўқиш имконияти ҳам мавжуд, — дея қўшимча қилди профессор. — Ҳамкорлик қилиш кўникмаси жуда муҳим, яъни тим ворк, биргаликда ишлаш ва ҳамкорлик қилиш давр талаби. Ҳозирда интернетда маълум бир гуруҳлар бўлиб ишлаш имконияти бор. Таълимда ҳам бу муҳим аҳамиятга эга. Гуруҳ бўлиб ишлаган маълумотлар онлайн сақлаб қолиш мумкин. Улардан кейинги йилги талабалар ҳам фойдаланиши мумкин. Анъанавий таълимда эса бу имконият чекланган".

Инглиз тилида бир ибора бор — «Пастда турган мевани узиш осонроқ». Онлайн таълим йўлга қўйилган илк даврларда мастерлик даражасини берадиган бизнес ва ҳамширалар тайёрлаш каби амалий соҳаларда бу ишни амалга ошириш бошланган. Ҳозирда эса таълим, инженерлик каби соҳаларда ҳам онлайн таълим йўлга қўйилган. Шунингдек, бугунга келиб қисқа муддатда олиш мумкин бўлган нано даражаларда қисқа дастурларда ўқиб, сертификатлар олиш, масалан катта маълумотлар билан ишлаш, дастурлаш, туризм менежерлиги, лойиҳаларни бошқариш, етакчилик малакаларини ошириш каби йўналишларда малака ошириш мумкин. MIT`да бу нарса кўпроқ қўлланилаяпти", — дейди профессор.

Эътиборлиси, ота-оналар фарзандлари таълим олаётган онлайн курсларга ўзлари ҳам қизиқиб, улардаги маълумотлардан ҳаётда фойдаланишлари мумкин бўлади, дейди профессор.


Массачусетс технологиялар институти машғулот хоналаридан бири. Фото: Санжар Рустамов / «Газета.uz».

Сафар давомида Массачусетс технологиялар институти ҳамда унинг қошидаги Рақамли таълим технологиялари марказида онлайн таълимни йўлга қўйиш бўйича яратилган шароитлар билан ҳам танишдик. Қарийб барча машғулот хоналари видекамералар билан таъминланган бўлиб, ўқитувчи-профессорларнинг дарслари ёзиб олинади ва интернетга жойлаштирилади. Айрим талабалар кундуз куни дарсга қатнашиш имконияти бўлмаса, кечқурун машғулотларни томоша қилиб, керакли билимларни ўзлаштиришлари мумкин.

Биргина MIT онлайн курсларида ўтган давр мобайнида бутун дунёдан 3 миллион нафарга яқин кишининг таълим олиб, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллагани ушбу соҳанинг катта истиқболга эга эканини кўрсатади. Интернетга уланиш имкониятларининг янада ортиши, алоқа сифати ортиб, нархлари арзонлашиши билан яқин келажакда, хусусан Ўзбекистонда ҳам онлайн таълимга бўлган эҳтиёж ортишини башорат қилиш мумкин. Шу боис миллий онлайн таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш, бепул онлайн курсларни ташкил этиш, билимларни текшириш ва сертификатлар бериш механизмларини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Санжар Рустамов