Ўқитувчи Диана Еникеева ўлими тўғрисидаги мақолалар эълон қилинганидан сўнг босим ва таҳдидлар бўлаётганини хабар қилган самарқандлик журналист Каримберди Тўрамурод прокуратура органлари ҳодисага қизиқиш билдирганини

.

«Дўстлар, хавотирлар ортда қолди, — деб ёзади у чоршанба куни Facebook`да. — Бугун менга Тошкентдан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасидан қўнғироқ бўлди».

Журналистга вилоят прокуратурасига чақирилиши, ким қандай таҳдид қилган бўлса, ҳаммасини ёзиб бериши, унинг ҳимоя остида экани ва хавфсизлиги таъминланиши маълум қилинган. Шунингдек, салгина шубҳали ҳаракат сезса ҳам қўнғироқ қилиши учун телефон рақами берилиб: «Биз сиздек журналистларни ҳимоя қила оламиз», — дейилган.

Самарқанд вилоят прокуратурасида у кимлар томонидан қандай таҳдидлар бўлганини айтиб, тегишли чора кўришларини сўраб, расман ариза билан мурожаат қилган.

«Менга ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идора томонидан хайрихоҳлик билан қилинган муомала ва эътибордан кўнглим тоғдек кўтарилди», — дейди Каримберди Тўрамурод.

У хавфсизлигини таъминлайдиган идоралар ходимлари қаторида мурожаатига бефарқ бўлмаган барча ҳамкасблари, ўқувчилари, ўз ёрдамларини таклиф қилган, ҳатто қўриқлаб юришларини таклиф этган, далда бўлувчи сўзлари билан қўллаб-қувватлаган инсонларга миннатдорчилик билдирди.

Каримберди Тўрамурод ўз пости остида қолдирган изоҳида таҳдидлардан сўнг машина ҳайдашни тўхтатиб қўйгани, бироқ эртадан яна рулга ўтиришини маълум қилди.