Россия Тошкентда бўлиб ўтаётган Афғонистондаги вазиятни ўнглаш бўйича Тошкент конференциясига катта умид боғлаб, Ўзбекистон раҳбариятининг ўз вақтида илгари сурган ташаббусини тўлалигича қўллаб-қувватлайди, деди сешанба куни Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров.

Сўнгги вақтларда Марказий Осиё «бешталиги» ўртасидаги муносабатларда кузатилаётган ижобий ўсиш суръати Афғонистонга кўмак кўрсатишда янада самарали улуш қўшиш учун шароит яратади, деди у тадбирда сўзга чиқар экан.

«Бугун биргаликдаги хатти-ҳаракатлар айниқса муҳим. Афғонистондаги вазият тобора таназзулга юз тутмоқда. Афғонлараро сиёсий жараён йўқлигида толиблар ҳаракати мамлакат ҳудудининг ярмигача бўлган қисмини тўлиқ ёки қисман назорат қилмоқда, фаол жанговар ҳаракатлар олиб бориб, қўпорувчиликларни амалга оширмоқда», — деди Сергей Лавров.

«Ислом давлати» террористик ташкилотининг энг аввало МДҲ давлатлари билан чегарадош шимолий ҳудудларга кириб келишининг кенгаяётгани хавотирларни келтириб чиқармоқда. «У ерларда таянч пунктлари ташкил этилмоқда, Марказий Осиё, Россия, бошқа давлатлар фуқаролари тайёргарлик ўтамоқда. Бунда минтақавий ва халқаро хавфсизлик учун тўғридан-тўғри таҳдидлар кўриниб турибди».