Ўзбекистон ҳукумати ва Франциянинг сув ресурслари, чиқиндилар ва энергия истеъмолини бошқариш соҳасида фаолият кўрсатувчи Veolia компанияси Наманган ва Тошкентдаги лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорлик қилади.

Икки ўртада имзоланган меморандумга мувофиқ, компания узоқ муддат (25−30 йил) давомида иссиқлик ва сув таъминоти (канализация) тизимларини модернизация қилиш шарти билан уларни бошқариши ва улардан фойдаланиш, кейинчалик Ўзбекистонга қайтариб бериш мажбуриятини зиммасига олади.

Меморандумлар шартларига кўра, Veolia тўрт ой давомида ўз маблағлари ҳисобидан юқорида тилга олинган лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқади. Ҳисоб-китоблар тасдиқланиши билан томонлар лойиҳаларни бошлашни мўлжаллаган.

Veolia компанияси томонидан Тошкент шаҳри сув таъминоти (канализация) тизимига ва Наманган шаҳри иссиқлик таъминоти тизимига инновацион технологияларнинг жорий этилиши натижасида иссиқлик энергиясини истеъмолчиларга сотишда вужудга келаётган сув ва иссиқлик энергияси йўқотишлари камаяди, ҳавога чиқазилаётган зарарли моддалар миқдорининг кескин қисқартириш ҳисобидан экологик муҳит яхшиланади; сув (канализация хизматлари) ва иссиқлик билан таъминлашнинг сифат кўрсаткичлари тубдан яхшиланади, шу жумладан, энг кўп истеъмол қилиш даврида сув ва иссиқлик энергияси таъминотининг барқарорлиги, аварияларга қарши тезкор чора кўриш ва уларни бартараф этиш таъминланади.

Мутахассисларнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, Наманган шаҳрида иссиқлик таъминоти бўйича лойиҳа амалга оширилиши натижасида йилига 24,5 миллион куб метр табиий газ иқтисод қилинади, уни экспорт қилишдан валюта тушуми эса йилига 3,1 миллион долларни ташкил этиш мумкин.

Тошкент шаҳрида сув таъминоти (канализация) бўйича лойиҳани амалга ошириш натижасида 20−30 фоиз (йилига 6,3 миллиард сўмлик) электр энергияси иқтисод қилинади.

Ушбу трансмиллий компаниянинг мамлакатимиз уй-жой коммунал хўжалигини модернизация қилиш бўйича лойиҳаларда иштироки коммунал соҳадаги институционал ўзгаришларни бошлаб беради.