Ҳожатхона ўрасига тушиб кетган телефонни чиқариб олишга уринган икки киши ҳалок бўлди, бир киши заҳарланди. Ҳодиса 25 март куни 22:00 да Наманган вилоятининг Поп туманида содир бўлди, дея хабар қилди Ўзбекистон ИИВ.

1986 йилда туғилган Б.Раҳматов уйи ҳовлисида жойлашган ҳожатхонасига тушиб кетган iPhone смартфонини олиш мақсадида қўшниси, шу кўчада яшовчи 1985 йилда туғилган Э.Ниязовни ёрдамга чақириб, Б.Раҳматов арқон ёрдамида ҳожатхона ичига тушган ва ҳушини йўқотган.

Э.Ниязов Б.Раҳматовни қутқариш мақсадида ҳожатхона ичига тушганида у ҳам ҳушини йўқотади. Шундан сўнг Б.Раҳматовнинг отаси, 1956 йилда туғилган Ҳ.Раҳматов уларни қутқариш мақсадида улар ортидан тушиб, ис газидан заҳарланади.

Ҳодиса жойига етиб келган ФВВ ходимлари уч эркакни ҳожатхона ўрасидан чиқариб олди. Э.Ниязов ва Б.Раҳматов заҳарланиб, воқеа жойида ҳалок бўлди. Ҳ.Раҳматов эса касалхонага ётқизилган.

Айни пайтда суриштирув ишлари олиб бормоқда.