Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26 март куни АҚШ давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шэннонни қабул қилди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Томас Шэннон Тошкентга «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференциясида иштирок этиш учун АҚШ делегацияси раҳбари сифатида ташриф буюрди.

Учрашувда Афғонистондаги вазият тўғрисидаги фикрлар алмашилди. Томонлар афғон можаросини ҳал этиш бўйича тинч сиёсий жараённи бошлашни тезлаштириш тарафдори экани таъкидланди.

Афғонистон ҳукуматининг ушбу мамлакатда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш ҳамда минтақавий иқтисодий ҳамкорлик жараёнига қўшилишдаги хатти-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканликлари тасдиқланди.

Шавкат Мирзиёев АҚШ президенти Донольд Трампга Афғонистон бўйича Тошкент анжуманини ўтказиш тўғрисидаги ташаббусни қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди.

Томас Шэннон халқаро тадбирнинг ўтказилишини ўз вақтида қилинган долзарб вазифа эканини таъкидлади. У Ўзбекистондаги давлат бошқаруви ва фуқаролик жамияти соҳасидаги ислоҳотларга юқори баҳо берди.