Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида эшак гўштини умумий овқатланиш шохобчаларига етказиб бериш билан шуғулланиб келаётган жиноий гуруҳ қўлга олинди, дея хабар қилди Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги медиамарказ «Газета.uz».

Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валюта жиноятларига ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаменти Фарғона вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тадбирда «Қорақушчи» маҳалласидаги Озод Ботиров ҳовлиси кўздан кечирилганида, эшак гўшти нимталари ва жасадлари аниқланди.

Ҳовлида умумий овқатланиш шохобчаларига етказиш учун кўп миқдордаги эшак гўшти тайёрлаб қўйилган.
Озод Ботиров БаҳромЗокиров ва Ойбек Муйдинов билан биргаликда эшакларни 200−300 минг сўмдан сотиб олиб, улар гўштининг ҳар килограмини 25−30 минг сўмдан сотган.

Эшак гўшти Тошлоқ туманидаги «Ягона» кафесида ҳамда Фарғонадаги миллий таомлар ошхонасида қозон кабоб ва бошқа таомларни тайёрлашда қўлланилган.

«Эшак гўшти кўриниши, мазаси ва ҳиди билан мол ва қўй гўштидан фарқланади. Буни ошпазлар ва ошхона хўжайинлари билишган», — дейилади хабарда.

Декабрда ҳам Тошкентдаги колбаса цехларидан бирида Хоразмдан келтирилган эшак гўштидан фойдаланилгани, шунингдек 10 йил давомида Қашқадарёдан пойтахт бозорлари ва гўшт-колбаса ишлаб чиқарувчиларига зарарланган гўшт етказиб берилгани хабар қилинган эди.