Тошкент ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси 18 кун ичида яқиндагина очилган сайт орқали фойдаланувчилар томонидан юборилган йўл ҳаракати қоидалари бузилиши акс эттирилган 60 та видеороликни кўриб чиқди. Бу ҳақда пайшанба куни бўлиб ўтган аҳоли билан очиқ мулоқотда Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари, Тошкент ИИББ бошлиғи Рустам Жўраев маълум қилди.

Содир этилган қоидабузарликларга далил сифатида 51 та ролик қабул қилинди. 30 млн сўм миқдорида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилди.

ИИББ бошлиғи видеоматериаллар муаллифларига фуқаролик фаоллиги учун миннатдорчилик билдириб, ижтимоий тармоқларда ЙҲХБ фаолияти ҳақидаги салбий фикрлар сони камайганини қайд этиб ўтди.

«Одамларда катта қизиқиш пайдо бўлди. Кўплар натижалар бўлаётгани, баённомалар тузилаётганини кўриб, қоида бузишга чўчиб қолаяпти. Кимлардир баённома тузилишига ишонмаган эди, эндиликда биз янгиликларни баённома нусхаси билан эълон қиламиз», — деди Рустам Жўраев.

ИИББ бошлиғи ижтимоий тармоқларда ЙҲҚ бузилиши ҳақида маълум қилаётганларни ҳақорат қилаётганларга мурожаат қилди: «Бир-биримизга ҳурмат билан муносабатда бўлишимиз керак. Агарда сизда қандайдир танқид бўлса, биз уни кўриб чиқиш ва хатоларимизни тўғрилашга тайёрмиз. Барча ўзгаришлар сизларнинг интернетдаги хабарларингизга асосан олиб борилмоқда», — деди у.

Рустам Жўраев ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини ҳақорат қилаётганлар жавобгарликка тортилишини эслатиб ўтди.

«Кимдир уларни ҳеч ким топа олмайди, ички ишлар органлари ходимларини ҳақорат қилиш, уларга тухмат қилиш мумкин, деб ўйласа қаттиқ адашади. Авваллари ушбу йўналишда тадбирлар ўтказилган, улар доирасида фойдаланувчилар маъмурий, ҳатто жиноий жавобгарликка ҳам тортилган», — деди вазир ўринбосари.