Наврўз байрами кунлари Наманганда битта қозонда 5 тонналик сумалак тайёрланди, дея хабар қилди ЎзА.

Олмалиқ кон-металлургия комбинатида тайёрланган оғирлиги 3 тонналик дошқозон ва ўчоқ (унда ўтган йили рекорд палов тайёрланган эди) ўрнатилган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида «Сумалак сайли» туризм ва миллий қадриятлар фестивали бўлиб ўтди.

Тадбирга тайёргарлик 24 февралдан бошланди. Танлов асосида 25 нафар тажрибали сумалакчи саралаб олинди. Тайёргарлик жараёнида 1,1 тонна буғдой тозаланди ва ювилди, 2,5 тонна ун элакдан ўтказилди. Бу жараёнларда 300 нафардан зиёд хотин-қиз иштирок этди.

Ювилган буғдой махсус тайёрланган ва умумий юзаси 112 квадрат метрдан кўпроқ бўлган 50 хонтахтага ундиргани қўйилди. Сумалак пиширишга жалб этилган 25 нафар аёлнинг туну кун навбатчилиги ташкил қилинди. Чунки буғдойга об-ҳавога қараб ҳар уч соатда сув сепиб туриш, униш суръатини бошқариб туриш керак. Акс ҳолда буғдой белгиланган кунга зарур даражада унмай қолса режа барбод бўлганидек, муддатидан аввал меъёридан ортиқ ўсиб кетган буғдой майсасидан тайёрланган сумалак тахир бўлиб қолади.

19 март куни 20:00 да Наврўз тарихидаги рекорд сумалакни тайёрлашга киришилди. Қиймалагичдан чиқарилган 5200 литр буғдой шираси катта қозон атрофига жойлаштирилган 27 та қозонга солинди. Юқоридаги масаллиқлардан ташқари яна 250 литр ўсимлик мойи ва 2,4 минг литр сув ишлатилган ва дарёдан махсус териб келиб ювиб-қайнатиб тозаланган тош солинган сумалак 24 соат қайнади. 21 март — Наврўз тонгида обдон дам едириш учун ўраб қўйилган қозон ўрамаси очилди.

Сумалакнинг учдан бир қисми вилоятдаги Меҳрибонлик, Саховат уйлари, шифохоналар ва кам таъминланган оилаларга етказилади. Бундан ташқари, сайилга келган меҳмонлар ва байрам иштирокчилари ҳам баҳор таомидан баҳраманд бўлишади. Уларга шу мақсадда тайёрлаб қўйилган 15 мингдан зиёд бир марталик идишларда сумалак тарқатилади.