17 март куни мактабгача таълим муассасаларини ўйинлар, ўйинчоқлар, мебеллар, инвентарлар ва бошқа техник воситалар билан таъминлаш меъёрлари тасдиқланди. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди.

Унга мувофиқ, болалар боғчаларида жисмоний чиниқиш ва яссиоёқлик профилактикаси учун йўлакчалар ташкил этилиши, релаксацион ўриндиқ, рециркуляторлар (ҳавони зарарсизлантириш учун ускуналар) ва стерилизаторлар ўрнатилиши лозим.

Ақлий ривожлантириш учун «Банк», «Почта», «Ферма» ва «Автомобиллар учун тураргоҳ» ўйин марказлари, ижодкорликни ривожлантириш учун эса кўп вазифали саҳналар ва тасвирий фаолият бурчаклари ташкил этилиши лозим.

Бундан ташқари, ҳар бир болалар боғчаси ҳудуди ва ўйин майдончаларига ота-оналар болаларини интернет орқали кузатишлари учун видеокузатув камералари ўрнатилади.