Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга фоҳишахоналарга ташриф буюрганлик учун жавобгарликни белгиловчи қўшимча модда киритиш таклиф қилинмоқда. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг ўзгартиш киритиш бўйича лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Таклиф этилаётган 190−1 моддасида жинсий эҳтиёжни қондириш мақсадида фоҳишахоналарга ташриф буюриш — энг кам ойлик иш ҳақининг 1 баравари миқдорида жаримага тортилишга олиб келиши белгиланган.

Айни пайтда кодексда фоҳишалик билан шуғулланганлик учун ЭКОИҲнинг 1 дан 3 бараваригача, жарима қўлланилганидан сўнг бир йил давомида такроран содир этилган қонунбузарлик учун эса ЭКОИҲнинг 3 дан 5 бараваригача жаримага тортилиши белгиланган.

Шунингдек, МЖТКга маъмурий суд «Фоҳишалик билан шуғулланиш» ва «Фоҳишахонага ташриф буюриш» моддаларига кўра ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга жарима белгилаш билан биргаликда «тиббий характердаги мажбурий чоралар"ни қўллашни кўзда тутувчи 39−1 қўшимча моддани киритиш режалаштирилмоқда. Бу ерда гап тери-таносил касалликлари мавжудлигини аниқлаш учун тиббий кўрикнинг белгиланиши ҳамда улар топилган тақдирда ихтисослашган тиббиёт муассасаларида мажбурий стационар даволаш мажбурийлиги ҳақида бормоқда.